18:27 / 01.08.2015
8054

Бугун Ўзбекистондаги барча олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди

“Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабалар қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга киритилган ўзгартиришлар асосида бу йилги тест синовларида абитуриентларга янги кўринишдаги жавоблар варақаси тарқатилди.

Шу пайтга қадар ишлатиб келинган жавоблар варақасини тўлдириш, абитуриентлар томонидан кодларни хато бўяш, жавобларни бўяшда фан блоклари ва жавоблар рақамларини алмаштириб қўйиш ҳолатлари кўп учрар эди. Шу боис бу йил жавоблар варақасида аввал мавжуд бўлган “Олий таълим муассасаси коди”, “Танлов коди” ҳақидаги маълумотлар чиқариб ташланиб, фақат “Махсус код”ни киритиш қолдирилди. Абитуриент ҳақидаги маълумотларни киритиш ва имзо ўрни жавоб бўяладиган доирачалар билан битта бетга, огоҳлантирувчи ёзувлар эса иккинчи бетга жойлаштирилди. Бу билан йигит-қизларни мураккаб вазиятларга солиб қўядиган ҳолатларнинг олди олинди, жавоблар варақасини расмийлаштиришда кам вақт сарфланишига эришилди. 

Яна бир ўзгариш жавоблар варақасида фан номлари олиб ташланиб, саволларга жавоблар белгиланадиган доирачалар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланганидир. Яъни, учта фандан тест синови топширадиганларнинг биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан саволлари 37 дан 72 гача, учинчи фан саволлари 73 дан 108 гача сонлар шаклида келтирилди. Булар жавоблар варақаси ва саволлар китобидаги рақамлар бирхиллигини таъминлаб, абитуриентларнинг тест материаллари билан ишлашини осонлаштирди, фан блокларини алмаштириб бўяш каби хатоларга йўл қўйиш эҳтимоли камайди. 

Марказ ходимлари томонидан тест синовларининг тартибли, юқори савияда, белгиланган талаб ва меъёрларга риоя этган ҳолда ўтказилишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди. Белгиланган бино ва аудиториялар керакли жиҳоз ва ускуналар, ўқув воситалари билан таъминланиб, шай ҳолатга келтирилди. Фанлар бўйича тест топшириқлари шакллантирилди ва юқори малакали мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилди.

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига 605 минг 836 абитуриент ҳужжат топширди. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 543 минг 131 нафарни ташкил этган эди.


Top