19:08 / 04.08.2015
7137

Тошкентда 2та янги автобус йўналиши очилди

Тошкент шаҳрида 2та янги автобус йўналиши очилди ва биттасининг ҳаракатланиш масофаси қисқарди.

Бироз олдинроқ, “Тошшаҳартрансхизмат” АК жорий йилнинг 1 августидан эътиборан Қўйлиқ марказидан ТТЗгача бўлган йўналишда қатновчи 13 трамвайнинг “Тошкент” вокзалидан ТТЗгача бўлган қисмини қисқартирилаётганини маълум қилганди.

Йўловчиларнинг талабини қондириш мақсадида қисқартирилаётган йўналиш қисмига транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида янги 14-сонли “ТТЗ – Тошкент вокзали” автобус йўналиши ташкил қилинган. Йўналишда “Mercedes- Benz Low Floor” русумли 12 та автобус 7-8 минутли интервал билан ҳаракатланиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

"Газета.уз" нашрининг маълум қилишича, 1 август кунидан бошлаб "Тошкент" вокзали ва Тошкент молия институти қошидаги академик лицей ўртасида янги 137 йўналишдаги автобус қатнови йўлга қўйилган.

Шу вақтгача Югнакий массиви ва ЦУМ оралиғида қатнаган 1 йўналишдаги автобуснинг ҳаракатланиш масофаси қисқартирилиб, Югнакий массивидан "Машинасозлар" метро бекатигача қатнайдиган бўлган.

Бироз олдинроқ, 96 рақамли автобуслар йўналиши («Юнусобод-9 — Истиклол» кўчаси) ўзгаргани ҳақида тарқалган маълумот тасдиғини топмади.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек шоҳкўчасидаги 13 трамвай йўлида олиб борилаётган қурилиш ишлари туфайли бир қанча автобуслар ўз йўналишларини вақтинчалик ўзгартиришган.

Top