18:00 / 05.08.2015
4307

Ўзбекистонда халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш тизими такомиллаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтининг ҳукумат билан ҳамкорликдаги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг “Қонун ва норма ижодкорлиги, қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тизимини модернизация қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси кўмагида миллий қонунчиликка халқаро шартномаларни имплементация қилиш тизимини такомиллаштириш ишлар бошланди. Шу сабаб, ишчи гуруҳ тузилиб, унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

- Амалдаги ташкилий-ҳуқуқий тизимлар тайёргарлигини, ратификациялар, тасдиқловлар, имплементациялар, халқаро шартномаларни тўхтатиб туриш ва денонсация (рад) қилиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш;

- Хорижий илғор тажриба асосида халқаро шартномаларни инвентеризация қилиш бўйича қўлланма ишлаб чиқиш;

- Давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги халқаро шартномаларни тўлиқ инвентаризациясини ўтказиш;

- Халқаро шартномаларни сертификатлаш, халқаро шартномалар қоидаларини амалга ошириш бўйича процессуал механизмларини ишлаб чиқиш;

- Халқаро шартномалар соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги ҳақида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

- Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари ходимлари учун Халқаро шартномаларни инвентаризациядан ўтказиш ва сертификатлаш, шунигдек  уларни амалга оширилиши устидан назоратни йўлга қўйиш усуллари бўйича қатор ўқув семинарларини ташкил этиш.

Мазкур ишчи гуруҳ фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт Дастури ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади. Жумладан, хорижий тажриба асосида тайёрланган илмий тадқиқотлар ва услубий материалларни тақдим этиш билан бир қаторда, ишчи гуруҳга етакчи халқаро экспертларни жалб қилади.  

Шу кунларда, БМТТДнинг “Қонун ва норма ижодкорлиги, қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тизимини модернизация қилишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида халқаро ҳуқуқ соҳаси мутахассиси, халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш ва имплементация қилишда амалий тажрибага эга бўлган Австралиялик халқаро эксперт Дамиен ван дер Турн Ўзбекистонга хизмат сафари билан ташриф буюрди.

Дамиен ван дер Турн меҳнат фаолияти даврида Австралиянинг турли вазирлик ва ҳукумат идораларида, Бош прокуратура, иқлим ўзгариши ва энергия тежамкорлиги вазирлиги ва бошқа ташкилотларнинг халқаро ҳуқуқ бўлимларини бошқарган. Шунингдек, у Австралия ҳукумати делегациясининг БМТнинг “Иқлим ўзгариши тўғрисида”ги Ҳадли Конвенциясига қўшилиши жараёнида ҳуқуқий консультант вазифасини бажарган, Киото Баённомасининг иккинчи босқичига қўшилиш ва мазкур баённомага ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаган.

Халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонга ташрифи чоғида, у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги вакиллари билан учрашувлар ўтказади. Учрашувлардан кўзланган мақсад халқаро шартномалар соҳасида миллий қонунчиликни модернизация қилиш, халқаро шартномалар нормаларини имплементация қилиш ва уларни амалда жорий қилинишини назорат қилиш, истиқболда миллий қонунчилигимизни халқаро меъёр ва стандартларга мослаштириш масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистондаги халқаро шартномаларни мувофиқлаштириш билан боғлиқ масаларни муҳокама қилишдан иборатдир.

Экспертнинг сафари давомида тайёрлаган тавсиялари ва услубий қўлланмалари халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўйича ишчи гуруҳга, халқаро шартномалар билан ишлаш жараёнига жалб қилинган  вазирликлар ва идораларга тақдим этилади. 

Top