09:41 / 07.08.2015
10853

Самарқанд вилояти ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан халқ депутати пора олаётганда қўлга олинди

Самарқанд вилояти ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари вилоятнинг етакчи олий таълим муассасаси деканини пора олаётганда ушлашга муваффақ бўлдилар.

2015 йилнинг 27 июлида 20 минг доллар пора олишда воситачилик қилган 21 ёшли А.Тошпўлатов воқеа устида қўлга олинди.

Тошпўлатовнинг айтишича у Самарқанд давлат университети (СамДУ) “Тарих ва фалсафа” факультети декани, қабул комиссияси аъзоси ва Самарқанд шаҳри халқ депутатлари кенгаши депутати Шокир Ғаффоров томонидан ташкил этилган қонунга ғилоф фаолиятга жалб қилинган. Қўлга олинган талаба университетдан ҳайдалиш таҳдиди остида Ғаффоровни қўлга олишда кўмак кўрсатишга рози бўлди.

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларининг ҳаракатлари натижасида Самарқанддаги автомобиллар ювиш шахобчаларидан бирида 20 минг доллар пулни бериш пайтида 1958 йилда туғилган, 1999 йилдан бери СамДУ “Тарих ва фалсафа” факультети декани лавозимини эгаллаб келган Ш.Ғаффоров воқеа устида қўлга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари версиясига кўра, Ғаффоров ўзининг мансаб ваколатлари ва депутатлик дахлсизлиги мақомидан фойдаланиб, абитуриентлардан ва уларнинг яқинларидан университетга ўқишга киришда топшириладиган тест синовларидан муваффақиятли ўтишни таъминлаш бўйича товламачилик механизмини йўлга қўйган.

Ғаффоров қабул комиссиясида ишлаш жараёнида ўзига “яқин” ўқитувчилар билан тил бириктирган ҳолда кам таъминланган оилалардан чиққан талабаларни университетдан ҳайдаб юбориш таҳдиди йўли билан уларни тест синовларида “паровозлар” (бировнинг ўрнига тест синовларини ишлаб берувчилар) сифатида иштирок этишга мажбурлаган.

Ғаффоровнинг ҳамкасбларининг айтишича, у меҳнат жамоасида ўзини қўпол ва такаббурона тутган, ўзининг гўёки жазоланмаслигини ҳис қилган ҳолда, мунтазам равишда талабаларнинг шаънини топтаган ва уларни камситган, иш жойида ўзини ахлоқсиз тутган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ғаффоровга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Top