14:38 / 08.08.2015
9985

GM Uzbekistan: Корхона ишчиларига маошлар узлуксиз бериб борилмоқда

GM Uzbekistan акциядорлик жамияти қўшма корхонаси хориж ОАВларида корхона томонидан Асакадаги завод ходимларига бир неча ойдан бери маошлар берилмаётгани ҳақида тарқатилган хабарларни инкор қилди.

"Бу хабарларда заррача ҳақиқат мавжуд эмас. Ишчиларнинг маоши одатдагидек ўз вақтида бериб келинмоқда", дейди GM Uzbekistan маъмурияти вакили.
Қўшимча қилинишича, корхона айни вақтда ўз бозорини кенгайтириш устида иш олиб бормоқда.

Маълумот учун, шу йилнинг 3 августидан бошлаб Асакадаги автомобил заводи профилактика ишлари ва янги техникалар ўрнатилиши муносабати билан ишлаб чиқариш тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қайд этиш жоизки компания 2015 йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6.5 фоизга камайтириб, 119.412 минг автомобиль ишлаб чиқарган эди. Бу Россиядаги харидларнинг кескин тушиб кетиши билан боғланган эди. Европа бизнеси уюшмаси автомобилсозлар қўмитаси берган маълумотларга кўра, ҳисобот даврида GM Uzbekistan’нинг Россиядаги савдолари 1.57 баробарга тушиб кетган.

Top