15:20 / 08.08.2015
3242

Ёзувчи Самуил Лурье оламдан ўтди

Россиялик ёзувчи Самуил Лурье 74 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда марҳумнинг яқин кишиларидан бири, ёзувчи Виктор Шендерович ўз фейсбукида маълум қилган.

"Бир соатгина олдин Самуил Лурье бизни бутунлай тарк этди. У мен ҳаётда учратган энг яхши одам эди. У мукаммал ижтимоий хулқ ва ажойиб адабий қобилиятга эга инсон эди", деб ёзади Шендерович.

У АҚШда узоқ давом этган хасталикда даволаниб келганидан кейин вафот этган.

Унинг дафн этилиш вақти ва жойи ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Маълумот учун, Самуил Аронович Лурье 1942 йилнинг 12 май кунида Свердловск шаҳрида туғилган. У Ленинград давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. У илк марта 1964 йилда "Звезда" журналида танқидий мақола билан чиқиш қилган.

У Андрей Сахаров номидаги мукофот ҳамда Русский Букер мукофотининг ҳайъат аъзоси ҳисобланарди.

Лурьенинг ўзи эса турли йилларда "Звезда" журналининг махсус мукофотлари, "Нева" журнали мукофоти (2002 йил) ҳамда П.А.Вяземский мукофотига (1997 йил) лойиқ кўрилган.

Top