20:56 / 09.08.2015
4956

ОАВ: машиналарнинг уйлар олдида бетартиб қўйиб кетилиши тез ёрдам ишига халақит бермоқда

Тошкентдаги кўп қаватли уйлар остида шу ерда яшовчи одамларнинг машиналари бетартиб қўйиб кетилиши тез ёрдам ҳамда ўт ўчириш машиналарининг ишига жиддий халақит бермоқда. Уй остида машиналарнинг тўлиб кетиши натижасида тез ёрдам машинаси баъзан ўз вақтида оғир аҳволдаги мижознинг уйига етиб бора олмаяпти, ўт ўчириш машиналари эса ёнғин авж олган жойга қадар кириб бора олмаяпти, бунинг натижасида ёнғин оқибатлари янада аянчли бўлмоқда.
“Ёшлигимда, тез тиббий ёрдамда ишлаганимда, кўчалар бўш эди. Биз керакли манзилга ҳеч қандай қийинчиликсиз етиб борар эдик, аммо ҳозир ҳаммаси ўзгарган, – деди шифокор Рустам Каримов “Правда Востока” газетаси мухбирига. – Илгари битта маҳаллада битта ёки иккита автомобиль бўлса, ҳозир уларнинг сони бир неча баробарга кўпайиб кетди. Бир томондан бу яхши – аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб бормоқда. Бошқа томондан эса, газ чиқитлари кўпаймоқда, улар эса турли хасталикларни келтириб чиқаради. Биламизки, кўпгина машиналар газда юради, бу эса нафас йўллари хасталигига олиб келади”.
Махсус яратилган автотураргоҳлар хизматларидан ҳамма ҳам фойланавермайди. У ерда машина қолдиришни эп кўрмай, кўплар ўз уловини уйининг остига олиб келиб қўйишни истайди. Бу эса қўшниларга ва давлат хизматларига қийинчиликлар туғдиради.

Top