14:02 / 10.08.2015
15229

Ўзбекистонлик профессорни Шереметьево аэропортида ушлаб қолишди

Ўзбекистонлик профессор Йўлбарсхон Мансуров Москванинг Шереметьево аэропортида ушлаб қолинди. Бу муносабат билан у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ўз норозилигини ва таажжубини билдирди.

12 кашфиёт, бир қанча монографиялар ва 130дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи бўлган профессор Мансуров Россиянинг олийгоҳларидан бирида ишга таклиф қилинган эди.

“Университетнинг дастурлари бўйича Владивостокка таклиф қилинган Узоқ Шарқ федерал университети кафедра мудири Шереметьево аэпорти полиция бўлими камерасида ўтирибди, гўёки Россия хавфсизлигини бузганлиги учун. Кимдир буни тушунтириб бера оладими? Мен Темпус лойиҳаси бўйича Берлинда ўтказилган тренинглардан қайтаётган эдим”, – деб ёзди у ўз саҳифасида.

Университет матбуот хизматининг маълум қилишича, олийгоҳ раҳбарияти бу масала билан шуғулланмоқда.

Узоқ Шарқ федерал университети муҳандислик мактаби материалшунослик ва материаллар технологияси кафедраси мудири Йўлбарсхон Мансуров университетда 2013 йилдан бери ишлайди. У ўтган йили Европанинг TEMPUS дастуридан иккита грант ютиб олди. Ушбу дастур ривожланаётган мамлакатларга техник ва технологик ривожланиш соҳасида ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Top