15:11 / 11.08.2015
9859

Ўзбекистон ёлланма жангарилар ва террористларнинг фуқаролигини бекор қилиши мумкин

2015 йил 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берилган эди.

Ушбу Қонун асосида 5та Кодекс, 6та Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда "xushnudbek.uz" хабар берди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга фуқароликни йўқотиш билан боғлиқ янги асос киритилди.

Унга кўра, агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бунгача қуйидаги асослар бўлганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилар эди:

1) шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;

2) агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;

3) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони чиққан кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилади.

Top