10:11 / 11.08.2015
4219

Ўзбекистонга кирувчи хорижий автомобиллардан ундирилган пулнинг ҳақиқийлиги техник воситаларда текширилади

Марказий банк ва давлат божхона қўмитасининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг кириши ва транзити учун тўлов олиш тўғрисидаги янги низом тасдиқланди. 1999 йили қабул қилинган эски тартиб кучини йўқотган деб топилди.

Республика ҳудудидан хорижий машиналарнинг ўтиши ва транзити учун тўлов ставкалари Ўзбекистон президентининг давлат бюджетининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва параметрлари прогнози тўғрисидаги қарори билан белгилаб берилади. 2015 йил учун ставкалар 2014 йил 4 декабрдаги ПҚ-2270 рақамли қарорнинг 24-иловасида кўрсатилган.

Янги тартибда кўрсатилишича, тўловлар илгаригидай хорижий валютада нақд ва нақд бўлмаган шаклларда амалга оширилади. Бунинг учун божхона постларида ваколатли банкларнинг кассалари ташкил этилади. Улар ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташиш тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Низомга киритилган асосий ўзгариш махсус кассаларнинг моддий-техник таъминотига доир. Эндиликда кассалар зарур техника, муҳр ва штамплар, бланкалар билан таъминланади. Шунингдек, кассир техник воситалар ёрдамида хорижий валютанинг ҳақиқийлигини текшириши кўзда тутилган.

Top