12:08 / 11.08.2015
8987

Шереметьево аэропортида қўлга олинган профессор Ўзбекистонга қайтди

Россиялик чегарачилар томонидан Москванинг Шереметьево аэропортида қўлга олинган Узоқ Шарқ федерал университети профессори Йўлбарсхон Мансуров Ўзбекистонга қайтди. Бу ҳақда Интерфакс агентлиги хабар бермоқда.
“Соат 20:50да Тошкентга учиб кетаяпман”, – деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Кеча университет дастурлари бўйича таклиф қилинган мутахассис сифатида ишлаётган Мансуров аэропорт полиция бўлими камерасида ўтиргани ҳақида хабар қолдирган эди.
“Университетнинг дастурлари бўйича Владивостокка таклиф қилинган Узоқ Шарқ федерал университети кафедра мудири Шереметьево аэпорти полиция бўлими камерасида ўтирибди, гўёки Россия хавфсизлигини бузганлиги учун. Кимдир буни тушунтириб бера оладими? Мен Темпус лойиҳаси бўйича Берлинда ўтказилган тренинглардан қайтаётган эдим”, – деган эди у.

Узоқ Шарқ федерал университети муҳандислик мактаби материалшунослик ва материаллар технологияси кафедраси мудири Йўлбарсхон Мансуров университетда 2013 йилдан бери ишлайди. У ўтган йили Европанинг TEMPUS дастуридан иккита грант ютиб олди. Ушбу дастур ривожланаётган мамлакатларга техник ва технологик ривожланиш соҳасида ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Top