09:16 / 12.08.2015
5642

Ўзбекистон ИШИДга қарши курашда ОАВдан фойдаланмоқда

Ўзбекистонда бошланган аксилтеррор кампанияси доирасида ОАВ орқали террорчилик муаммосини кенг ёритиш ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Дастур уч асосий йўналишга эга: экстремистик идеологияни фош қилиш, анъанавий исломни қўллаб-қувватлаш ва унинг қадриятларини мустаҳкамлаш, турли дин вакиллари ўртасидаги муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш.

Маданият ва спорт вазирлиги матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбеккино” ҳамда миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда ушбу кампаниянинг ҳаракат режасини ишлаб чиқмоқда.

Маълумки, айни кунларда Ўзбекистон дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари қаторида ИШИД террорчи гуруҳининг хатти-ҳаракатларига қарши турмоқда. Июль ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг 650 фуқароси Сурияга кетиб қолиб, ИШИД томонида туриб ҳарбий тўқнашувларда иштирок этмоқда. Кампания айнан мана шу хавфдан аҳолини огоҳ этишга, ёлловчиларнинг фаолиятини фош қилишга йўналтирилади.

Top