18:34 / 12.08.2015
2953

Хотин-қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида икки нафар ўзбекистонлик боксчи финалга чиқди

12 август куни Хитойнинг Уланчаб шаҳрида бокс бўйича хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионатида барча вазн тоифаларида ярим финал жанглари ўтказилиб, олтин медаллар учун курашни давом эттирадиган чарм қўлқоп усталари номи маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

13 август куни 10 вазн тоифасида бўлиб ўтадиган финал баҳсларида икки нафар ўзбекистонлик спортчи ҳам рингга кўтарилади. Жумладан, вазни 69 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳноза Низомова финал баҳсида хитойлик Гу Хонг билан куч синашса, энг оғир (+81 кг) вазн тоифасида баҳсларга киришган Гўзал Исматова ҳам Хитой вакили Ванг Шижин билан Осиё чемпионатининг олтин медаллари учун баҳс юритади.

Шаҳноза Низомова ярим финалда Ву Пей-И (Х.Тайпейи) устидан зафар қучган бўлса, Гўзал Исматова қозоғистонлик Лаззат Кунгейбаевани тўлиқ устунлик билан енгди.

Ярим финалга қадар зафарли одимлаган Ўзбекистон терма жамоасининг яна икки нафар аъзолари Ёдгорой Мирзаева (-57 кг) ва Дилнавоз Норхўжаева (-81 кг) қитъа чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аёллар бокси тарихида шу кунга қадар ҳеч бир спортчи Осиё чемпионатида совринли ўринни қўлга киритмаганди.

Top