19:44 / 17.08.2015
3520

Apple компанияси кўпроқ аёл ходимларни ишга ёлламоқда

Apple компанияси аёлларни кўпроқ ишга ола бошлади, бироқ уларнинг компания таркибидаги улуши кам даражада ўсди, деб хабар бермоқда компаниянинг ходимлар структурасидаги демографик ҳисоботини ўрганган ComputerWorld мухбирлари.

Ўтган йил давомида Apple’га бутун дунё бўйлаб 11 минг нафар аёл келиб қўшилди, бу 2013 йилдагига нисбатан 65 фоиз кўпроқни ташкил қилди. 2015 йилнинг биринчи ярмида компанияда иш бошлаган ходимларнинг 50 фоизга яқини озчиликни ташкил қилган камчиликлар (аёллар, қора танлилар, лотин америкаликлар ва туб ҳиндулар) вакиллари бўлган.

2014 йил сентябрь ойи ҳолатига кўра, Apple’нинг тўлиқ кун ишлайдиган ходимлари сони 92,6 минг кишини ташкил қилган. Аёлларнинг фаол тарзда ишга жалб қилинишига қарамасдан, уларнинг корпорациядаги ходимлар умимий миқдоридаги улуши 2014 йилдан 2015 йилгача бор-йўғи 1 фоизга, яъни 30 фоиздан 31 фоизгача ошган. Apple’да оқ танли ва осиёлик мутахассислар улуши 77 фоиздан 78 фоизгача ўсган.

Қайд этиш жоизки, Apple Кремний водийсидаги ўз ишчи кучининг турфалиги ва тенгҳуқуқлиги масалалари ҳақида қайғуриб, ўзининг демографик структураси ҳақида мунтазам ҳисоботлар чоп этувчи ягона компания эмас. Intel буни 2002 йилдан бери амалга ошириб келади.

2015 йилнинг биринчи ярмида процессорлар ишлаб чиқарувчи гигант ўзининг АҚШда ишга олинаётган умумий ходимлари миқдорида озчиликни ташкил қилган камчиликлар вакиллари улушини ўтган йилнинг охиридаги 32 фоиздан 43 фоизгача оширган. Шу каби ҳисоботни Google ва Facebook компаниялари ҳам олиб боради.

Top