10:41 / 17.08.2015
3189

ОАВ: бир сутка ичида камида 8 индонезиялик темир йўлда ҳалок бўлди

Индонезиянинг Ява оролидаги темир йўлларда содир бўлган икки турли бахтсиз ҳодиса оқибатида энг камида 8 киши ҳаётдан кўз юмди, икки киши жароҳатланди, дея хабар берди Jakarta Globe душанбалик газетаси.
Шарқий Ява провинциясидаги Жембер шаҳри яқинида содир бўлган биринчи ҳодиса — Сурабая-Баньюванги йўналишида ҳаракатланаётган поезд ўтиш йўлида йўловчи автомобили билан тўқнашиб кетиши натижасида камида 5 киши ҳалок бўҳаётдан кўз юмиб, икки киши жароҳатланди. Қаттиқ жароҳат олган икки бола шифохонага ётқизилган.
Воқеа гувоҳларининг айтишича, автомобиль ҳайдовчиси темир йўл хизмати қоровулининг поезд келаётгани ҳақидаги огоҳлантиришига қулоқ солмасдан, шлагбаум билан жиҳозланмаган ўтиш йўлини кесиб ўтишга ҳаракат қилган.
Иккинчи фожеа эса пойтахт Жакарта яқинидаги Бекаси шаҳрида рўй берди. Маҳаллий полициянинг хабар беришича, темир йўл изларида ўйнаб юрган уч бола поезд ғилдираклари остида қолиб кетган.
Ява темир йўлларидаги кўплаб кесиб ўтиш жойларида автомат қурилмаларнинг йўқлиги, мавжудларининг эскиргани тез-тез бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлади. “Биргина Жакартанинг ўзида 549та ўтиш жойи бўлса, уларнинг қарийб 200таси маҳаллий аҳоли томонидан ноқонуний равишда қуриб олингани боис шлагбаумлар билан қуролланмаган”, дея қайд этиб ўтади Jakarta Globe нашри.

Top