16:28 / 17.08.2015
35009

Тест натижаларини эълон қилиш 18 августга қолдирилди(ми?)

604 минг нафар абитуриент ва уларнинг миллиондан зиёд яқинлари. Айни кунларда 1 август куни бўлиб ўтган тест натижалари қачон эълон қилинади, деган саволга жавоб миллионлаб юртдошларимизни қизиқтириб турибди. 16 августда Давлат тест маркази имтиҳонлар натижаси 17 август куни эълон қилиниши хабар берилган эди.

Бироқ ҳеч қандай расмий изоҳларсиз имтиҳон натижаларини эълон қилиш яна ортга сурилди. Бу эса кўплаб тахминлар, норасмий ва тасдиқланмаган хабарларнинг кўпайишига олиб келмоқда.

Жумладан, ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худайбердиев ўз блогида ана шундай хабарни эълон қилди. Унинг фикрича, абитуриентлар сонининг йилдан-йилга ошиб бораётгани жавоблар чиқадиган куннинг бироз кечикишига сабаб бўлиши табиий. Масалан, ўтган йили 540 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган ва жавоблар 16 август санасида эълон қилинган эди. Жорий йилда эса, 605 минг нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу ўтган йилгидан 65 минг нафарга кўп демакдир. Шу сабабли гарчи бугун 17 август бўлса-да, аммо жавоблар эълон қилинмади ва буни тўғри тушуниш керак.

Блогер норасмий маълумотларга асосланган ҳолда тест синовлари эртага, 18 август куни эълон қилинишини айтиб, жавобларни билишнинг 4-5 йўлини келтириб ўтган.
Биз эса Давлат тест маркази қўнғироқларга жавоб бермасликдан кўра имтиҳон натижалари ҳар йилгидан кечиктирилаётганига расмий изоҳ бериб, унинг аниқ муддатини халққа эълон қилишини мақсадга мувофиқ, деган бўлар эдик.

Top