18:51 / 18.08.2015
10187

Навоийда қафас усули билан балиқ етиштирилмоқда

Ўзбекистонда балиқчилик тармоғи салоҳиятини ошириш мақсадида “2015 йилда республиканинг балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастури” қабул қилинган.

Навоий вилоятида атроф-муҳитнинг мақбул экологик ҳолатини таъминлаш ва балиқчиликни барқарор ривожлантириш мақсадида табиий сув ҳавзалари яқинида инкубацион цехлар қурилмоқда ҳамда табиий сув ҳавзаларини балиқ билан таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда "Телеграф.уз" нашри хабар берган.

Журналистларнинг экологик медиатур доирасидаги кейинги манзили “AQUA-TUDAKUL” ўзбек-америка қўшма корхонаси бўлди. 2004 йилда ташкил этилган ушбу корхона балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган, шу билан бирга қафас усули билан интенсив балиқ етиштириш технологиясидан фойдаланмоқда.

Корхонанинг асосий мақсади — аҳолини сифатли ва арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш. Ташкилот ўз олдига балиқ чавоқларини сунъий усулда кўпайтириш, уларни ўстириш ва Тўдакўл сув ҳавзасини балиқ захирасини тўлдириш каби вазифаларни қўйган. Бугунги кунда корхонада зоғора, оқ амур, оқ дўнгпешона балиқлари кўпайтирилмоқда. Корхонада балиқ личинкаларини ўстириш жараёни 90 гектардан зиёд майдонни эгаллаган 16та сунъий ҳовузларда амалга оширилади. Биргина 2014 йилнинг ўзида корхона томонидан 200 тоннадан ортиқ, ўртача оғирлиги 35-50 граммдан бўлган балиқ чавоқлари Тўдакўл сув ҳавзасининг балиқ захираларини тўлдириш мақсадида ташланган.

Маълумот учун, Тўдакўл табиий сув ҳавзаси Қизилтепа туманида жойлашган бўлиб, 1975 йилда ташкил топган. Унинг умумий майдони 21,4 минг м2 бўлиб, бу ерда 1 миллиард 300 миллион м3 сув жамланган. Кўлнинг узунлиги 35 километр, эни эса 10 километрни ташкил этади. Унинг ҳавзасида яшовчи ўнлаб балиқлар ва балиқи қушлар ҳайвонот дунёсининг ноёб намуналари ҳисобланади.

Top