14:57 / 18.08.2015
4637

Навоийлик қиз йўлтўсарликда, ўғрилик, қаллобликда ва боласини сотиб юборганликда айбланиб суд қилинди

Навоий суди йўлтўсарлик, ўғрилик ва қаллобликда айбланаётган Фозила исмли қизнинг ишини кўриб чиқди. Тергов давомида аниқланишича, қиз айни пайтда фоҳишалик ҳам қилиб келган. Унинг жиноий қилмишлари “На посту” газетасида ёритиб берилди.
Аниқланишича, Фозиланинг онаси Ҳусния, эри бўлишига қарамай, фоҳишалик билан шуғулланиб келган. Унга мижозларни қўшни аёл Мақсуда топиб берган.

Фозила улғайгач, энди онаси унинг танасини сотиб пул топа бошлаган. Бундан ташқари, қиз кўчадаги ўртоқлари билан бирга йўлтўсарлик ва ўғрилик қилган ва бунинг учун ҳатто бир маротаба судланган. У бойроқ “мижоз”ларнинг ҳамёнини ўмара бошлагани боис онаси қизини уйидан ҳайдаб юборган.

Кўчада Фозила Наримон исмли йигит билан танишиб қолган. Улар биргаликда “мижоз овлаш” билан шуғулланишган: қиз ўзини кўз-кўз қилиб, эркакларни керакли жойга элтган, у ерда Наримон омадсиз “мижоз”ларнинг пулларини тортиб олган.
Бу хатти-ҳаракатлари учун яна судланган Фозила бу сафар ҳомиладор бўлиб қолгани боис амнистия билан озод қилинган.

Аммо у туғилган боласини номаълум аёлга 300 минг сўмга сотиб юборган. Бундан ташқари, болалар майдончасига бориб, митти қизалоқларнинг бўйнидаги ва қулоқларидаги тилла буюмларни ўғирлаш билан шуғуллана бошлаган. Қизларнинг ота-оналари ёзган шикоят аризалари кўриб чиқилиб, жиноятчи қиз қўлга олинган.

Top