10:14 / 19.08.2015
2984

Чўкиб кетган “Дальний Восток” кемаси 250 метр чуқурликдан топилди

Денгиз муҳандислари Охота денгизида апрель ойида чўкиб кетган балиқ овловчи “Дальний Восток” кемасини 250 метр чуқурликдан топишди. Бу ҳақда “Фертоинг” компанияси сайтида маълум қилинган.

“Дальний Восток” “Кендрик” деб номланган махсус вазифаларни бажарувчи кема ёрдамида топилди. Мутахассислар дастлаб ҳалокат жойида гидрографик тасвирга олиш ишларини олиб боради. Сўнгра кемани кўздан кечириш учун телебошқарувли “Тайгер” ускунасини сувга туширилади. У чўкиб кетган кема корпуси ҳолатини фото ва видео тасвирга олади.

Сайтда қайд этилишича, “Фертоинг” компанияси денгиз муҳандислари “Дальний Восток”нинг 3-D тасвирини олиш имкониятига эга. Бу эса ҳалокат сабабини аниқлашга ёрдам беради.

“Дальний Восток”ни юқорига олиб чиқиш режада йўқ. Унинг бортига ҳалок бўлган денгизчилар исм-фамилияси ёзилган тахтача ўрнатилади холос.

Улкан “Дальний Восток” балиқ овловчи автоном кемаси 2015 йил 2 апрель куни Охота денгизида чўкиб кетган эди. Кема бортидаги 57 жасад топилган, 12 киши бедарак йўқолган деб топилиб, уларнинг беш нафари расман вафот этган дея эълон қилинди. 63 кишининг ҳаёти сақлаб қолинди. Терговларда ҳодисага балиқ овлаш меъёрларининг бузилиши сабаб қилиб кўрсатилган.

Top