17:43 / 19.08.2015
3116

Истанбулдаги бош вазир қароргоҳи олдида отишма уюштирилди

Қуролланган номаълум шахслар Истанбул шаҳридаги Долмабахче саройи олдида отишма келтириб чиқаришди. Бош вазир қароргоҳи ҳисобланувчи бу бино атрофида портлаш овозлари ҳам эшитилган. Бу ҳақда Hurriyet хабар берди.

Газетада ёзилишича, икки нафар қуролланган шахс сарой дарвозасида ўқ отиб полициячиларга ҳужум қилишган. Гувоҳларнинг айтишича, ҳужум қилувчилар ўқ отишни бошлашдан олдин граната ишлатишган.

Таксим майдонидан унча узоқ бўлмаган, Босфор бўғози қирғоқларида жойлашган бу қароргоҳ сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жойлар сирасига киради.

Haber7 нашрининг ёзишича, ҳужум ижрочи бўлган икки шахс Германия элчихонаси олдида қўлга тушган. Уларнинг ёнида автомат қуроллар бўлган.

Dogan News маълумотларига кўра, бу ҳужум натижасида ҳалок бўлган ёки жароҳатланганлар йўқ. Айни вақтда Долмабахче тумани ҳудуди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўраб олинган.

Top