08:21 / 20.08.2015
9234

Қозоғистонликлар Қирғизистонга арзон машиналар харид қилиш илинжида оммавий тарзда боришмоқда

Қозоғистонликлар Қирғизистонга арзон машиналар харид қилиш илинжида оммавий тарзда боришмоқда. Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига киргандан кейин экспертлар худди йил бошида Қозоғистон-Россия чегарасида кузатилгандек савдо авж олишини айтмоқдалар. Эндиликда Бишкекдан Қозоғистонга машиналарни ҳеч қандай божларсиз олиб кириш мумкин. Қозоғистонликларнинг биринчи гуруҳлари Қирғизистонга арзон машиналар илинжида жўнаб кетишди, лекин ҳафсалалари тезда пир бўлди, деб хабар бермоқда КТК телеканали.

Нурдавлат исмли қозоғистонлик Қирғизистонда арзон, унча эски бўлмаган машинани топа олди. У ўз юртидаги ва бу ердаги нархларни таққослаб, Қирғизистонда машиналар арзон эканлигини билди. Бу ерда эса чегаралар ҳам очиб юборилган.

“Мен 2014 йилда ишлаб чиқарилган “Тойота Камри” сотиб олмоқчиман. Мен нархларни солиштириб, бу ерда нархлар арзонроқ эканлигини билдим. Шунинг учун кузда Қирғизистонда машина сотиб олмоқчиман”, дейди Нурдавлат.

Бироқ унинг ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Машина унга қимматроққа тушиши мумкин, чунки машина Қирғизистонга 2014 йилда олиб кирилган, бу эса бож тўлашга тўғри келишини англатади.

“Бу автомобиллар унинг эгаси томонидан Қирғизистон ҳудудида амалда бўлган ва ҳозирда Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудудида амалда бўлган бож тўловлари, солиқлардаги фарқ тўлангандан кейин Божхона иттифоқининг маҳсулотлари ҳисобланади”, деб айтмоқда Қозоғистон божхона назорати департаменти бошқармаси раҳбари Қайрат Маубаев.

Бироқ Қирғизистонда 2014 йилгача юрган машиналарни Қозоғистонга божсиз олиб кириш мумкин. Бироқ ҳаммаси ҳам бунчалик осон эмас. Ўнг рулли автомобиллар ва эски машиналар Қозоғистон ҳудудига киритилмайди. Барча олиб кирилаётган автомобиллар техник шартларга жавоб бериши лозим.

Қоғозда кўп янги бандлар пайдо бўлган бўлсада, чегарада ҳали ҳам бетартиблик ҳукм сурмоқда, одамлар бир неча километрлик тирбандликларда туришларига тўғри келмоқда, божхоначилар аввалгидек ҳаммани текширмоқда.

Янги қоидалар ва вужудга келган мураккабликларга қарамай, Қирғизистон автомобиль бозорларида қозоғистонлик харидорлар анча кўпайиб қолгани қайд қилинмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, ўтган йилда Қирғизистонга 100 минг дона автомобиль олиб кирилган. Тадбиркор қозоқ ва қирғизлар Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришга шундай тайёрланишган кўринади. Бироқ экспертларнинг фикрича, Қозоғистон автомобиль бозорларидаги нарх-наво тушиб кетмайди, чунки минилган машиналарнинг аксарияти мамлакат ҳудудига киритилмайди.

Top