07:52 / 21.08.2015
3891

Ҳиллари Клинтоннинг рейтинги 14 йил ичида антирекорд ўрнатди

АҚШ аҳолисининг ярмидан кўпи АҚШ президенти лавозимига сайловларда иштирок этаётган Ҳиллари Клинтон ҳақида салбий фикр билдирмоқдалар. Бундан CNN телеканали ва ORC International маркетинг компанияси ўтказган сўровнома натижалари дарак бермоқда.  

Клинтоннинг рейтинги бундай паст кўрсаткичларга 2001 йилдан бери илк бор эришди. Клинтонга қарши эътироз унинг партиядошлари орасида ҳам, фуқаролар орасида ҳам кучайиб бормоқда. Июль ойида сиёсатчидан норозилар мамлакат аҳолисининг 48 фоизини ташкил қилган бўлса, бир ойдан кейин бу кўрсаткич 53 фоизга етди.  

Сайловчиларнинг ярмидан камроғи – 47 фоиз демократлар унинг праймеризда ҳам муваффақиятга эришишини истамоқда, ваҳоланки июлда бу кўрсаткич 56 фоиз бўлган. Унинг кучли жиҳати ташқи сиёсат бўлиб қолмоқда (демократлар орасида 61 фоиз).  

Бу орада Клинтоннинг партиядошлари орасидан асосий рақиби Берни Сандерснинг машҳурлиги ошиб бормоқда. Вермонт штатидан вакиллик қилувчи сенаторни демократларнинг 29 фоизи қўллаб-қувватламоқда. 

Мутахассисларнинг фикрича, Клинтон рейтингининг пасайишига борган сари кўпчилик америкаликлар унинг давлат котиби бўлиб ишлаган пайтида ишчи ёзишмалар учун ўз электрон почтасидан фойдаланганини танқид қилаётганлари сабаб бўлмоқда.

Бироқ Клинтон ҳали ҳам республикачи номзодларга нисбатан аҳолининг кўпроқ қўллаб-қувватлашига эга бўлмоқда. Клинтон республикачилар орасидаги энг оммабоп номзод Дональд Трампдан 6 фоизга олдинда бормоқда.  

Ушбу сўровнома 19 августда ўтказилиб, унда 1001 киши иштирок этди.

Top