09:47 / 21.08.2015
9644

Мисрлик ўсмир қиз пластик чиқиндилардан биоёқилғи олишнинг арзон усулини топди

Мисрлик ўсмир қиз пластик чиқиндилардан биоёқилғи олишнинг арзон усулини топди. Бу давлатларга йилига ўнлаб миллион доллар тежаш имконини беради.
Азза Файёднинг ишланмалари Миср нефть илмий-тадқиқот институти диққатини тортди.

Қиз ўз формуласини амалда синаб кўриши учун муассаса унга ўз лабораториясини тақдим этди.
Файёд алюминийсиликат (aluminisilicate) номли арзон катализатор топди, бу пластикни метан ва пропанга айлантириш харажатларини кескин туширади. Бу газлар кейин айрим олимлар томонидан “биоёқилғи” деб аталадиган этанолга айлантирилиши мумкин.
Кимёвий реакция жараёнида ҳосил бўладиган бошқа моддалар ҳам қайта ишланиб, сотилиши мумкин бўлади.

Мисрда ҳар йили миллионлаб тонна пластик чиқиндилар тўпланиб қолади. Файёднинг ҳисоб-китобларига қараганда, унинг технологияси ёрдамида йилига 78 млн долларлик пластик қайта ишланиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, у Мисрга ҳар йили 163 млн доллар фойда келтириши мумкин.
Европа Иттифоқи ёш олимлар танлови Файёднинг ишланмасини тақдирлашга улгурди. Айни пайтда қиз патент олиш устида ишламоқда.

Top