01:55 / 22.08.2015
2925

Brent нефтининг нархи 45,1 долларгача тушиб кетди

Brent нефтининг октябрь ойига етказиб берилиши бўйича фьючерс шартномаси нархи Лондондаги ICE биржасида 3 фоизга тушиб кетиб, бир баррели учун 45,1 долларни ташкил қилди ҳамда 2009 йилнинг мартидан бошлаб минимал кўрсаткични қайд қилди.

Арзонлашаётган нефть ортида Москва биржасида долларнинг курси 69 рублга етди, евро курси 78 рублдан ошиб кетди. Шу тариқа, 21 август куни доллар нархи 1,12 рублга ошиб, 69,07 рублни ташкил қилди, евро курси 2,11 рублга ошиб, 78,49 рублни ташкил қилди.

WTI туридаги нефть Нью-Йорк хом ашё биржасида 21 август куни маҳаллий вақт билан 13:00да бир баррели учун 40 долларга тушиб кетди. Бир соат ўтиб 39,97 долларга, яъни савдолар бошидан 1,35 доллар ёки 3,2 фоизга – охирги 6 йил ичидаги энг паст даражага тушиб кетди.

Салбий динамика 8 ҳафтадан бери сақланиб қолмоқда, бу 1986 йилдан бери кузатилган энг узоқ давр бўлмоқда.

Нефть нархига АҚШда нефть захирасининг керагидан кўплиги ва ОПЕК давлатларида нефть қазиб олишнинг рекорд даражада сақланиб қолаётгани таъсир қилмоқда.

Top