12:14 / 25.08.2015
2725

Brent тоифасидаги 159 литр нефть нархи 43 доллардан ошди

Душанба, 24 август куни пастлаган нефть нархи сешанба куни 5 фоизга қимматлади, бироқ ҳамон арзонлашув хавфи остида қолмоқда, дея хабар берди Bloomberg агентлиги.

АҚШда Тошкент вақти билан 10:00да WTI тоифали нефть нархи 1,7 фоизга қимматлаб, бир баррел (158,988 литр)нинг қиймати 38,89 долларга етди.

Лондондаги фьючерс шартномаларида ҳам Brent тоифасидаги нефть баҳоси 1,3 фоизга қимматлаб, бир баррели учун 43,25 доллар таклиф этилди.

Душанба, 24 август куни ушбу тоифадаги нефть баҳоси 2009 йилги паст даражага тушиб, 43 доллардан сотилган эди.

Дунё бозорида нефть нархининг арзонлашувига хом ашёни қайта ишлаш имкониятларининг ошгани, нефтга бўлган талабнинг камайгани, АҚШ нефть захираларининг одатдагидан ортиқча экани ва бошқа сабаблар таъсир кўрсатмоқда.

Morgan Stanely банки таҳлилчиси Адам Лонгсоннинг ёзишича, нефть нархининг тушиб кетишига молиявий ва спекулятив омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Унинг фикрича, Хитой макроиқтисодий кўрсаткичлари кучсизланаётган бўлса ҳам, июль ойида мамлакатда нефтга бўлган асосий индикаторлар сақланиб қолган.

Масалан, июль ойида Хитойнинг нефть импорти суткасига 1,7 миллион баррелга ортиб, 2014 йилнинг июль ойидаги рекорд даража — 7,4 миллион баррелга яқинлашган. Мамлакатда нефть маҳсулотлари, жумладан, бензинга бўлган йиллик талаб 17 фоизга ошган.

Top