15:06 / 25.08.2015
12310

ФВВ: Тошкентда газ қувуридан келиб чиққан аварияда ҳеч ким жабр кўрмади

Тошкент вилоятида газ қувуридаги авария туфайли келиб чиққан ёнғинда ҳеч ким жабр кўрмади. Бу ҳақда Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

2015 йилнинг 24 августида соат 21:00 да Тошкент вилояти Юқори-Чирчиқ туманидаги “Авесто” фермер хўжалиги ҳудудидан ўтувчи “Янгиер-Тошкент” магистрал газ қувурининг 157 км даги қисмида йирик ёнғин чиқишига сабаб бўлган авария содир бўлди. Матбуот хабарномасида таъкидланишича, бу фавқулодда вазият Тошкент шаҳрининг газ билан таъминланишига таъсир кўрсатмаган.

“Жабрланганлар йўқ. Қабул қилинган тезкор чоралар натижасида ёнғин соат 23:40 да бартараф этилди. Воқеа жойида “Ўзбекнефтгаз” МХК, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа мутассади бошқармалар вакилларидан тузилган штаб ташкил этилди. Ҳозирда газ қувурининг шикастланган қисмини тиклаш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, - дейилади хабарномада.

Top