07:59 / 26.08.2015
4225

Ҳалок бўлган "Формула-1"нинг собиқ пойгачиси Уилсоннинг тана аъзолари 6 кишига донорлик аъзолари сифатида ўтказилди

АҚШда ўтказиладиган "Индикар" пойгаларининг охирги босқичида фожиали тарзда ҳалок бўлган "Формула-1" пойгасининг собиқ пойгачиси, "Андретти" жамоасининг 37 ёшли пойгачиси Жастин Уилсон 6 киши учун донорлик қилди. Унинг таъна аъзолари бунга муҳтож 6 кишига кўчириб ўтказилди. Буни пойгачининг ўзи тириклигида васият қилган. Бу ҳақда твиттерда унинг укаси Стефан Уилсон ёзди.

"Поконо 500 мили" пойгаси давомида пойгалар етакчиси Сейж Карам аварияга тушиб қолди. Унинг машинасидан учиб чиққан бўлаклардан бири Уилсоннинг шлемига келиб урилди. Бу зарбадан кейин Уилсон мувозанатни йўқотиб, катта тезликда тўсиқларга бориб урилди.

Британиялик пойгачи бехуш ҳолда вертолётда Пенсильвания штатидаги Аллентаун шаҳри шифохонасига бош-чаноқ суяги оғир жароҳатлари билан етказилди. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир кун давомида курашдилар, бироқ пойгачи олган оғир жароҳатлардан ўзига келмай ҳалок бўлди.

Жастин Уилсон "Индикар" пойгалар сериясида 100 дан ортиқ пойгада иштирок этиб, уч бор ғолиб бўлган. Пойгачи 2003 йилда "Формула-1" пойгасининг 16 та босқичида иштирок этган.

Top