14:59 / 27.08.2015
2519

ЮНEСКО бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташриф буюрди

2015 йилнинг 26 августида Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ЮНEСКО бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт ташриф буюрди.

Ташриф доирасида Симпозиумлар саройи ва Миллий кутубхона бўйлаб таништирув экскурсияси уюштирилиб, унда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фаолияти, имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари ёритиб берилди.

Меҳмонни қутлар экан, Миллий кутубхона директори А. Хўжаев Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бунёд этилган кутубхонанинг қурилиш тарихи ва ҳозирги фаолияти, фойдаланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, электрон базани яратиш жараёнида қўлланиладиган илғор информацион технологиялар, Миллий кутубхонанинг халқаро алоқалари, ҳусусан, турли хил лойиҳалар доирасидаги амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берди. Кутубхона бўйлаб қилинган экскурсия чоғида меҳмон китоб музейи, кўргазмалар, мультимедия ва электрон залларни кўздан кечирди. Эрик Фальт ўқув залларини айланиб чиқар экан, у ердаги замонавий мультимедия ускуналари билан жиҳозланган махсус залларни томоша қилди, китоб фондининг жойлашиши ва сақланиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ходимларнинг вазифалари билан қизиқди.

Жаноб Эрик Фальт 20 мингдан зиёд нашрга эга қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар бўлимига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда у жаҳон ва миллий мероснинг ёзма ёдгорликлари ҳисобланмиш нодир китобларнинг қайта тикланиши ва консервациялаш ишларига нисбатан қизиқиш билдирди.

Жаноб Эрик Фальт фойдаланувчиларнинг кутубхона фаолиятининг сунгги маълумотлари, шунингдек, онлайн-ресурслар, аудио-ресурслар киоскалари билан танишиш имкониятини берадиган ахборот киоскаларининг мавжудлигини юқори баҳолади ва кутубхонанинг ривожланишида мазкур киоскаларнинг самарали жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини кайд этди.

Ташриф сўнгида, ЮНEСКО Бош директорининг ўринбосари Эрик Фальтга Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан эсдалик совғаси тақдим этилди. Эрик Фальт меҳмонлар китобида ўз ёзувларини қолдирар экан, кўрсатилаётган хизматлардан ҳайратланганини қайд этиб, келажакда кутубхонанинг янада ривожланишига тилак билдирди.

Top