10:00 / 28.08.2015
6469

Барак Обама: Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини ҳамиша қўллаб-қувватлаган

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат арбоблари ва ишбилармон доира вакилларидан самимий қутловлар келмоқда.

Уларда давлатимиз раҳбарига бахт-саодат, омонлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, равнақ ҳамда фаровонлик тилаб, чин дилдан эзгу истаклар изҳор этилган.

Жумладан, Америка Қўшма Штатлари Президенти Барак Обама ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, 1 сентябрда нишонланадиган Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Президентимиз ва Ўзбекистон халқига самимий табрикларини йўллади.

Унинг айтишича, Америка Қўшма Штатлари 1991 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистон мустақиллигини тан олган пайтдан буён мамлакатларимиз ўзаро ишонч, ҳурмат ва ўзаро манфаатларга асосланган муносабатларни ривожлантириш мақсадида биргаликда ишлаб келмоқда.

“Биз давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак қадрлаймиз. Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини ҳамиша қўллаб-қувватлаган, бинобарин, биз демократик, хавф-хатарсиз ва гуллаб-яшнаётган истиқбол йўлида Сиз билан биргаликдаги фаолиятни давом эттираверамиз. Мен келгуси йилларда икки томонлама муносабатларимизнинг янада кенгайишини сабрсизлик билан кутмоқдаман”, – деди АҚШ Президенти ўз табригида.

Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироличаси – Елизавета II
Ҳиндистон Республикаси Президенти – Пранаб Мукержи
Словения Республикаси Президенти – Борут Пахор
Португалия Республикаси Президенти – Анибал Кавако Силва
Болгария Республикаси Президенти – Росен Плевнелиев
Латвия Республикаси Президенти – Раймондс Вейонис
Туркманистон Президенти – Гурбангули Бердимуҳамедов
Арманистон Республикаси Президенти – Серж Саргсян
Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти – Абдулазиз Бутефлика

Қутловлар келиши давом этмоқда.

Top