16:16 / 31.08.2015
3542

Никита Михалковнинг Украинага кириши тақиқлаб қўйилди

Украина хавфсизлик хизмати мамлакат ҳудудига кириши тақиқланган 16 нафар маданият арбоблари ва ОАВ ходимларининг номини ошқор қилди. Бу ҳақда УХХ матбуот хизмати вакили "Апостроф" нашрига маълум қилган.

Маълум қилинишича, янги рўйхатга қайд этилганлар орасида россиялик режиссёр Никита Михалков, публицист Владимир Кучеренко ва иқтисодчи Михаил Хазин номлари бор.

Бундан ташқари бу рўйхатда Олег Газманов, Иосиф Кобзон, Валерия Перфилова (Валерия), Иосиф Пригожин, Сергей Безруков, Михаил Боярский, Николай Расторгуев, Иван Охлобистин, Михаил Пореченков, Григорий Лепс, Жерар Депардье, Станислав Пьеха (Стас Пьеха) номларини кўриш мумкин.

"Украинанинг миллий хавфсизлигига таҳдид солмаслигини таъминлаш мақсадида Украина хавфсизлик хизмати амалдаги қонунчилик бўйича ушбу шахсларнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлайди", дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2014 йилнинг 28 октябрида Украина ҳукумати россиялик таниқли шахсларнинг 14 нафарини нон-граната сифатида эълон қилганди. Ўшанда Украина ТИВ бу рўйхатдаги шахслар номини халқаро нормалар туфайли ошкор қилмаганди.

Шу йилнинг август ойи бошида Украина ТИВ раҳбари маслаҳатчиси Антон Геращенко ўз фейсбукида Украина Россиядаги 500 нафарга яқин маданият ходимларини "қора рўйхат"га киритишни мўлжаллаётгани ҳақида ёзганди. У бундай шахслар "Украинанинг ҳудудий дахлсизлигига таҳдид солгани" учун санкцияга учраши ва бундай шахслар мамлакат ҳудудида ўз концерт дастурларини намойиш қила олмаслигини билдирганди.

Ўз навбатида, Украинада "оқ рўйхат" ҳам тузилган бўлиб, бу рўйхатда мамлакат билан ҳамкорлар сифатида 34 кишининг номи қайд этилган. Бу рўйхатда Андрей Макаревич, Лия Ахежакова, Валентин Гафт, Олег Басилашвили, Эльдар Рязанов, Юрий Шевчук, Михаил Жванецкий, Борис Акунин, Земфира, Сергей Пархоменко (Серега), Вахтанг Кикабидзе, Михаил Ефремов, Арнольд Шварценеггер, Жорж Клуни, Жаред Лето кабиларнинг номларини кўриш мумкин.

Top