15:30 / 01.09.2015
3155

Қозоғистон ва Хитой 23 млрд долларлик қўшма лойиҳалар бўйича келишувга эришди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ХХР раиси Си Цзиньпин билан учрашуви чоғида 45та қўшма лойиҳа имзоланди. Бу ҳақда Оқ Ўрда матбуот хизмати хабар берди.
Хабарномада айтилишича, лойиҳаларнинг умумий қиймати 23 млрд долларни ташкил қилган.

Илгарироқ хабар қилинганидек, учрашув чоғида икки томонлама савдо ва иқтисодий алоқаларнинг кейинги истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, инвестицияларни кенгайтириш, маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди.


Назарбоев Хитой халқини Япония милитаризми устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан, шунингдек, 2022 йилги қишки Олимпиаданинг Пекинда ўтилишига эришилгани билан табриклади.
“Пекин ҳам кишки, ҳам ёзги Олимпиадани қабул қилган ягона шаҳарга айланади”, - таъкидлади Қозоғистон етакчиси.

Си Цзиньпин, ўз навбатида, кўп томонлама стратегик муносабатларнинг янги босқичини очиб берувчи қўшма декларация имзоланишини маълум қилди. “Бу ҳужжат кўп йиллик самарадор ҳамкорлигимизнинг натижаларини кўрсатиб бериш билан бирга, келажакдаги ҳамкорлик дастурига ҳам айланади”, - таъкидлади у.
Бундан ташқари, Қозоғистон ҳудудида кам бойитилган уран банкининг ташкил этилиши билан икки давлат ўртасида атом энергетикаси бўйича ҳам ҳамкорлик жонланиши айтиб ўтилди.

Top