20:12 / 02.09.2015
2140

Виталий Мутко Россия футбол иттифоқи президенти этиб сайланди

2 сентябрда Россия футбол иттифоқи (РФИ)нинг навбатдан ташқари анжуманидаги овоз бериш маросимида Россия спорт вазири Виталий Мутко бир овоздан РФИ президенти этиб сайланди. 

Анжуманда 165 делегат иштирок этиб, улардан 76 нафари акрредитациядан ўтган ҳудудий спорт федерацияларини тақдим қилган. Улардан ҳар бири анжуманда 4 та овозга, қолган 89 нафар делегат эса биттадан овозга эга бўлди.

56 ёшли Мутко РФИ президенти лавозимига рўйхатдан ўтган ягона номзод бўлди. Бу лавозим 31 майда РФИ анжуманида Николай Толстихнинг муддатдан аввал ваколатларини тугатиш ҳақидаги қарор қабул қилингандан кейин бўш бўлиб турган эди.

Мутко бу лавозимга иккинчи бор сайланмоқда. У РФИга 2005 йил 2 апрелидан 2009 йилнинг 29 ноябригача раҳбарлик қилган. Бу давр ичида ЦСКА (2005 йил май ойида) ва “Зенит” (2008 йил май ойида) УЕФА кубогини қўлга киритди, Россия терма жамоаси 2008 йилги Европа чемпионатининг яримфиналчисига айланган. Бироқ шу билан бирга Мутко даврида россиялик футболчилар 2006 йилги жаҳон чемпионати ва 2008 йилги Ёзги Олимпия ўйинлари финал босқичига йўл ололмаган эдилар.

Top