00:19 / 05.09.2015
8987

Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари террорчилик гуруҳини ташкил қилишда айбланмоқда

Тожикистон ИИВ қуролли босқинчилик ва 8 нафар милиция ходимининг ўлими ҳамда террорчилик гуруҳи ташкил қилиш учун жавобгарликни мамлакат мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари генерал-майор Абдуҳалим Назарзода зиммасига юклади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги мухбирига Тожикистон ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Матбуот хизмати вакилининг айтишича, Назарзода фуқаролик уруши пайтида қуролланган тожик муҳолифатининг дала қўмондонларидан бири бўлган ва тинчлик сулҳи тузилгандан кейинги реинтеграция пайтида мудофаа вазирлигидаги хизматга тайинланган.

2014 йилда Назарзодага генерал-майор унвони ва мудофаа вазири ўринбосари лавозими берилган.

“Шу билан бир вақтда Назарзода вазиятни барқарорсизлантириш мақсадида ҳукуматга қарши ҳаракатларни амалга ошириш учун қулай фурсатни пойлаб юрган”, дейилмоқда ИИВ матбуот хизматида.

Кучишлатар тузилмалар ўтказган махсус операция давомида Назарзода яшайдиган уйда ва Вахдат туманида унга тегишли бўлган нон комбинатида катта миқдорда қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар топилган.

ИИВ маълумотларига кўра, ҳозирда ўз лавозимидан четлатилган Назарзода бир неча ўнлаб ўз тарадорлари билан бирга Душанбеда шарққа томон 40 км узоқликдаги Ромит тоғ дарасига яширинган. Бу ерда фуқаролик уруши даврида муҳолифат жангариларининг таянч базаси бўлган.

Ҳозирда жиноий гуруҳни йўқ қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзоданинг айтишича, Назарзода “террорчилик ҳаракатлари, ўз лавозимини суиистеъмол қилишда” айбланмоқда ва қаттиққўллик билан қонунан жавобгарликка тортилади.

Top