17:30 / 07.09.2015
2765

Покистондаги 200дан зиёд диний мактаблар ҳисоб рақамлари терроризмга қарши кураш доирасида музлатиб қўйилди

Покистон ҳукумати терроризмга қарши кураш доирасида масжидлар қошида ташкил топган 211та диний мактаб (мадраса)нинг ҳисоб рақамларини музлатиб қўйди. Бу ҳақда Express Tribune нашри хабар берди.

Мамлакат ИИВ хабарига кўра, мазкур ислом ўқув марказлари рўйхатдан ўтиш учун зарурий талабларни бажармаган. Шу боис марказий банк тижорий банкларга кўрсатилган мадрасаларнинг ҳисоб рақамларини тўхтатишга буйруқ берган.

Тўхтатиб қўйилган диний мактаблар ҳисоб рақамида 5 млн Покистон рупияси (тахминан 50 минг доллар) сақланмоқда. Ички ишлар вазирлиги қарорига кўра, тергов жараёнида хориждан молиялаштирилгани аниқланган 32та мадраса ёпилган.

Ушбу мактабларнинг ҳисоб рақамлари мамлакат ҳукумати томонидан 2014 йил декабрь ойида қабул қилинган Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича Миллий ҳаракат дастурига хилоф тарзда юритилгани боис ИИВ қарорига биноан тўхтатилган. Мазкур ҳужжатда барча диний мактаблар ва исломий ташкилотларнинг мажбурий тартибда давлат рўйхатидан ўтиши ва провинциялар маъмуриятига ўз фаолияти тўғрисида мунтазам ҳисоботлар бериб бориши белгиланган.

Шунингдек, ҳужжатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан диний таълим муассасалари учун ўқитувчи кадрларни танлаш ва уларнинг молиялаштирилиши механизмлари устидан қатъий назорат ўрнатилиши қайд этилган.

Top