17:28 / 08.09.2015
1950

Испания фуқаролик гвардияси Ўрта Ер денгизида 300 нафар муҳожирни қутқарди

Испания фуқаролик гвардияси қутқарувчилари Ўрта Ер денгизида роса 300 нафар муҳожирни чўкиб кетишдан сақлаб қолди. Бу ҳақда Испания қироллиги полицияси вакили хабар берган.

Маълум қилинишича, Испания фуқаролик гвардиясининг ҳарбий-ҳаво хизмати Сицилия оролидан 150 мил жануби-шарқда муҳожирлар кемасини аниқлаган.

Кема бортида болалар ва аёллар ҳам бўлган.

Охирги маълумотларга кўра, бу кемада турли миллатлар вакиллари Мисрдан Европанинг жанубий қирғоқларига етиб олиш мақсадида йўлга чиқишганди. Айни вақтда кемадагиларнинг барчаси Сицилияга олиб борилган.

Шу тариқа, 7-8 сентябрь кунлари давомида Ўрта Ер денгизида қутқариб қолинган муҳожирлар сони 700 нафарни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, 2015 йилда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка ҳудудида сиёсий низоларнинг кучайиши туфайли Европага бу ҳудудлардан қочқинлар оқими кескин равишда ортди.

2015 йилнинг бошидан буён шу вақтгача Европага бу ҳудудлардан жами 351,5 мингдан ортиқ муҳожир кириб келган. Улардан 200 минг нафарга яқини Ўрта Ер денгизи орқали сузиб ўтган. 2015 йилда бу денгизда ҳалок бўлган муҳожирлар сони 2,6 минг нафарни ташкил қилмоқда.

Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, йил охиригача 1 йил давомида Европага келган муҳожирлар сони 1 млн нафаргача етади.

Top