16:45 / 09.09.2015
2795

500 нафарга яқин муҳожир Сербия ва Венгрия чегарасида полициячилар тўсиғини ёриб ўтди

Тахминан 500 нафар муҳожир Сербиядан Венгрияга полициячилар тўсиғини ёриб ўтган ҳолда кириб келди. Бу ҳақда FР хабар берган.

"Муҳожирлар гуруҳи тунни полиция назорати остидаги Рьоске қишлоғида ўтказди ва эрталаб улар чегарани бузиб ўтган ҳолда поезд орқали Будапештгача етиб олмоқчи бўлишди", дейилади хабарда.

Жорий йилда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада юз берган сиёсий низолар туфайли бу ҳудудлардан беҳисоб қочқинлар Европага боришмоқда. 2015 йилнинг бошидан буён ҳозиргача 351,3 минг нафар муҳожир Туркия ва Ўрта Ер денгизи орқали Европага кириб келди.

Август ойи охирида Австрия ҳудудидан 71 нафар муҳожирнинг жасади бўлган юк машинаси топилиши, 3 сентябрь куни эса Туркия қирғоқларига муҳожирларнинг чўккан кемасида бўлган 3 ёшли болакайнинг жасади чиқиб қолиши дунё ҳамжамияти эътиборини бу муаммога қаратди.

Маълумотларга кўра, йил давомида 2,6 минг муҳожир Европага етиб кела олмасдан, йўлларда ҳалок бўлган.

Мутахассислар, йил сўнгигача Европага кириб келувчи муҳожирлар сони 1 млн нафардан ошишини башорат қилишган.

Top