20:05 / 09.09.2015
3037

АҚШдаги турнирда россиялик ва украиналик спортчи бир-бирлари билан дўстона қучоқлашишди

АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган 2016 йилги Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи эркин, юнон-рум ва хотин-қизлар кураши бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда.

Турнирнинг эътиборли воқеаларидан бири бугун, гиламда эмас, шоҳсупада рўй берди. Спорт курашлари бўйича Россия терма жамоаси аъзоси Билол Махов ва украиналик курашчи Александр Чернецкий спорт сиёсатни тан олмаслигини намойиш этишди.

Бу икки спортчи ҳам бронза медалларга эга бўлишган ва медалларни қабул қилиш учун шоҳсупага кўтарилишганида бир-бирларини дўстона қучоқлаб қўйишган.

"Украиналик менга "Кел, бир-биримизни бағримизга босайлик ва спорт сиёсатдан холи эканини кўрсатиб қўяйлик", деди. Биз дўстона ҳолда қучоқлашдик. Гиламдаги рақобат бизни ажратиши мумкин, лекин умуман олганда спортчилар бир-бирларига душман сифатида қарашмайди. Спорт дунёни қутқарувчи гўзаллик", дейди Махов.

Top