16:10 / 10.09.2015
1871

Жорий йилда 300 минг 372 нафар бола оромгоҳларда соғломлаштирилди

Бу йилги мавсумда республика миқёсида 1167 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи (2014 йилда 1099 та), шу жумладан, 213 та стационар туридаги ва 795 та кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда 141 та меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда 300 минг 372 нафар бола соғломлаштирилди.

Жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Наманган вилоятида «Норин», Самарқанд вилоятида “Чорчинор”, Қашқадарё вилоятида Мирзо Улуғбек номли, Сурхондарё вилоятида “Хонжиза” номли болалар соғломлаштириш оромгоҳлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 49 та оромгоҳда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, шундан, 5 та оромгоҳни янгидан қуриш, 14 тасини реконструкция қилиш ва 30 та болалар дам олиш масканини капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Жорий йилда 261 та ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолият кўрсатди. “Интеллектуал ривожлантириш”, “Ҳарбий спорт”, ўсмир ёшдаги болалар учун “Меҳнат ва дам олдириш”, “Экологик-биологик”, “Ижтимоий мослашув”, “Ўлкашунослик”, “Техник ижодкорлик”, “Бадиий ижодиёт” йўналишларидаги оромгоҳлар ташкил этилди.

Бу йил ҳам ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилди. Хусусан, давлатимиз ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 4 минг 960 нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим оромгоҳларда бепул дам олдирилди. Касаба уюшмалари томонидан 53 минг нафардан ортиқ болалар жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли дам олдирилди, Меҳрибонлик уйларининг 2 минг 797 нафар тарбияланувчилари ҳамда 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланди. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманидан кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзанди бепул соғломлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг матбуот хизмати маълум қилди.

Top