09:33 / 10.09.2015
2708

SWARCO Ўзбекистонда йўл усти чизиқлари учун бўёқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

“Ўзавтойўл” ДАК раҳбарияти билан Австриянинг “SWARCO” корпорацияси кузатув кенгаши аъзолари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда келгусида йўл хўжалиги соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Хорижий делегация раҳбари, “SWARCO” корпорацияси кузатув кенгашининг аъзоси Александр Сваровскининг таъкидлашича, корпорация интеллектуал транспорт бошқаруви тизимлари ишлаб чиқариш ва уни амалиётга жорий этишда жаҳонда кўзга кўринган компаниялардан саналади. Компания йўл усти чизиқлари учун бўёқлар, светодиод маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, шунингдек, йўл ҳаракатини интеллектуал бошқариш тизимларини амалиётга жорий этишда анчагина тажрибага эга.

Маълумот ўрнида қайд этиш мумкинки, корпорация жаҳоннинг 20та давлатида 80дан ортиқ компанияларга эга. “SWARCO”нинг йўл ҳаракатини бошқариш тизимлари Европанинг Будапешт, Берлин, Стокгольм ва бошқа йирик шаҳарларида амалиётга жорий қилинган ва ўзини оқлаган.

“Ўзавтойўл” компанияси бошқаруви раиси А.Абдувалиев ўз сўзида бу каби амалий учрашувлар фойдадан холи эмаслигини таъкидлади. Учрашув давомида “Ўзавтойўл” ДАК раҳбарияти томонидан республикадаги йўл усти чизиқлари учун бўёқ маҳсулотлари ва ўзидан ёруғлик чиқарадиган йўл белгилари сифатини янада яхшилаш, шунингдек, бу каби маҳсулотларни кенг миқёсда ишлаб чиқаришга эҳтиёж борган сари ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, шу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар барпо этиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Томонлар ҳамкорлик масалаларини истиқболда ҳам муҳокама қилишга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Top