19:57 / 11.09.2015
2993

Тошкентда МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари темир йўлчилари йиғилишди

Тошкентда халқаро миқёсдаги яна бир тадбир – МДҲ давлатлари, жумладан, Грузия, Латвия, Литва ва Эстония темир йўл маъмуриятлари фавқулодда вакилларининг халқаро алоқада йўловчиларни ташишни ташкиллаштириш, 2015-2016 йиллар учун поездлар ҳаракатланиши жадвалини ишлаб чиқиш бўйича йиғилиш ўтказилмоқда.

Қайд этиш жоизки, мустақиллик йилларида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ катта обрў қозонди ва дунёда ўзининг ўрнига эга бўлди, транзит коридорларнинг тенгҳуқуқли иштирокчисига айланди. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида ўнлаб транзит йўллар кесишади ва дунёнинг турли нуқталарига йўналади. Темир йўл тизимида бу йўналишда истиқболли йўналишлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ҳамкорлар билан ишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда тармоқда амалга оширилаётган катта миқёсдаги лойиҳаларнинг муҳимлиги ва аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Томонлар кун тартибига қўйилган масалалар бўйича ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Хусусан, халқаро ташишлар кўрсаткичлари босқичма-босқич ўрганилмоқда.

Тариф политикасини янада такомиллаштириш ва йўловчилар учун қўшимча қулайликларни яратиш каби масалалар ҳар томонлама муҳокама қилинди.
Йиғилиш иштирокчилари, шунингдек, электрон билетлар савдо-сотиғини ташкиллаштириш масаласини кўриб чиқдилар ва бу масалада ўзларининг амалий тавсияларини билдирдилар.

Top