11:14 / 14.09.2015
13608

Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилиши лойиҳаси ҳукумат томонидан тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 8 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Россиянинг “Лукойл” компанияси томонидан тақдим этилган газни қайта ишлаш заводи комплексини қуриш ва Қандим гуруҳи конларини жиҳозлашнинг техник-молиявий асослари (биринчи босқич) тасдиқланди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида (2015-2018 йиллар) 77та лойиҳавий қудуқни жиҳозлаш, қудуқлар гуруҳини жойлаштириш учун 6та махсус майдон, 2та йиғиш пункти, газ экспорти қувурлари, навбатчилар шаҳарчаси, ташқи инфратузилма объектлари, Қандим гуруҳи конларида йиллик ҳажмда 7,819 миллиард куб метр товар гази, 134,36 минг тонна барқарор конденсат ва 212,9 минг тонна бирламчи хом ашё ишлаб чиқарувчи газни қайта ишлаш заводини барпо этиш кўзда тутилган. 2018 йил декабрида объектларни ишга тушириш режалаштирилган.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи (2020-2029)да 21та лойиҳавий қудуғини жиҳозлаш, қудуқлар гуруҳини жойлаштириш учун 2та махсус майдон, 2та компрессорли сиқиш станцияси ва транспорт инфратузилмалари объектларини қуриш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда эса 2028-2032 йилларда Ҳожи, Ғарбий Ҳожи, Оққум-Парсанкўл конларида 16та лойиҳавий қудуқ 3та махсус майдон, 2та йиғиш пункти ва 2та компрессорли сиқиш станцияси бунёд этилади.

Февраль ойида “Лукойл” ва Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering компанияси бошчилигидаги пудратчилар консорциуми Қандим газни қайта ишлаш заводига қурилмаларни етказиб бериш ва уни барпо этиш бўйича 2,66 млрд долларлик шартнома имзолаган эди. Заводнинг умумий қиймати инфратузилмалари билан бирга ҳисоблаганда, 2,8 млрдни ташкил этади.

Айни пайтда “Лукойл” компанияси Ўзбекистонда учта истиқболли лойиҳани амалга оширмоқда. Хусусан, Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим доирасида Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот участкалари ҳамда Қандим конлар гуруҳида геология-қидирув ишлари ўтказилди ва натижада 18,5 миллиард куб метр газ қазиб олинди. Ҳисор ҳудуди конларида олиб борилган ишлар натижасида 368,5 минг тонна нефть ва 2 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинди.

“Лукойл” Инвесторлар консорциуми таркибида Орол блоки ҳудудида геология-қидирув ишларини олиб бормоқда. Бу ишлар самарадорлиги қимматбаҳо хом ашё қазиб олиш ҳажмининг ўсиб бораётганида намоён бўлмоқда.

Top