12:49 / 15.09.2015
3360

Кувайтдаги масжид портлатилишида айбдор деб топилган 7 киши ўлимга ҳукм қилинди

15 сентябрь куни Кувайт суди шу йилнинг июнида шиалар масжиди портлатилишида иштирок этгани исботланган 7 кишини ўлимга ҳукм қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Sky News Arabia телеканали хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, ушбу терактга алоқадор бўлганларнинг яна 8 нафарига 2 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазолари тайинланди. Шунингдек, гумондор сифатида қўлга олинганлардан 14 нафари айбсиз деб топилиб, озодликка чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 26 июнида Кувайт пойтахтидаги Эс-Сабер масжидида портлаш содир бўлиб, 27 киши ҳалок бўлган ва 227 киши жароҳатланганди.

Ушбу теракт бўйича суд жараёни август ойида бошланган, 29 нафар кишига айблов эълон қилинганди.

Судга тортилганларнинг 7 нафари кувайтлик, 5 нафари Саудия Арабистони фуқароси, 3 нафари покистонлик, яна 14 нафари бошқа турди давлатлар фуқаролари бўлди. Улардан 13 нафари Кувайт ҳудудида ноқонуний равишда истиқомат қилиб келган.

Ушбу теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Бундай теракт Кувайт ҳудудида охирги 10 йил давомида содир бўлмаганди.

Маълумот учун, бу мамлакат аҳолисининг 15-30 фоизи шиалар ҳисобланади. Бу эса бошқа араб мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Top