19:49 / 16.09.2015
4398

Бразилия терма жамоасининг машҳур мухлиси Кловис Акоста оламдан ўтди

Бугун, 16 сентябрь куни Бразилия терма жамоасининг энг машҳур мухлиси, жамоани 7та мундиал давомида қўллаб-қувватлаш учун турли мамлакатларга саёҳат қилган Кловис Акоста Фернандеш 60 ёшида оламдан ўтди.

У ўзининг сўнгги кунларини Бразилиянинг Порту-Алегри шаҳрида ўтказди. Кловис Акоста охирги 9 йил мобайнида оғир онкологик хасталикдан азият чекканди.

«Гаучо да Копа» лақаби билан машҳур бўлган ушбу мухлис Бразилия терма жамоасининг хориждаги 150дан ортиқ ўйинларини трибунада туриб кузатиш учун 60дан ортиқ мамлакатга сафар қилган.

У 7та мундиалдан ташқари, 6 марта Америка Кубоги турнирида ҳамда 4 марта Конфедерациялар кубогида иштирок этган. Унинг ҳисобида битта Олимпиада мусобақасига ташриф ҳам бор.

Шу тариқа, 2014 йилги мундиал «Гаучо да Копа»нинг ҳаётидаги сўнгги мундиал бўлиб қолди. Ушбу мундиалда Бразилия терма жамоаси ярим финалда Германия терма жамоасига қарши ўйнаган, бу ўйин мезбонларнинг 1:7 ҳисобидаги йирик мағлубияти билан якунланган, Акоста эса бу шармандаликдан кейин юм-юм йиғлашдан тийила олмаганди.

Top