12:50 / 16.09.2015
2023

КХДР дипломатик ваколатхоналарда Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингига тўсиқ ўрнатди

КХДР дипломатик ваколатхоналарда Facebook ижтимоий тармоғи ва YouTube видеохостингига тўсиқ ўрнатди. Пхеньянда хорижликларга алоқа хизматларини кўрсатувчи “Юлдуз” маҳаллий компанияси хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро инсонпарвар ташкилотлар, шу жумладан, БМТга бу ҳақда огоҳлантириш юборган.

Хабарда қайд этилишича, компания ходимлари “таҳдид ва туҳматдан иборат хабарлар, жумладан, КХДР ҳукумат ташкилотлари манзилига қаратилган ҳамла ва танқидлар” мавжуд бўлган интернет-ресурсларига киришни таъминламайди. Шунингдек, мамлакатда яна бир қатор интернет-сайтларини блоклаш бўйича “қора рўйхат” тузилган. Ушбу чекловларнинг доимий ёки вақтинчалик экани маълум эмас.

Аввалроқ Шимолий Корея ҳукумати мамлакатда фаолият кўрсатаётган хорижликларга Wi-Fi технологиясидан фойдаланишни тақиқлаган эди. Радиотўлқинлар назорати бўйича миллий бошқарма хабарида қайд этилишича, мазкур чеклов “мамлакат хавфсизлигини таъминлаш” мақсадида жорий этилган. Мазкур қарор бажарилмаган тақдирда, ҳолатдан келиб чиқиб, йирик миқдордаги молиявий жарима қўлланилиши, бундай системалар иши тўхтатиб қўйилиши ёки улар учун мўлжалланган ускуналарнинг олиб қўйилиши белгиланган.

КХДРнинг оддий фуқаролари “глобал ўргимчак тўри”га уланишдан маҳрум қилинган. Улар учун КХДРнинг махсус Кванмён ички тармоғи ишга туширилган бўлиб, Корея Меҳнат вазирлиги ва мамлакат раҳбарияти эришган ютуқлар, илмий-техник муваффақиятлар ташвиқот қилинади.

Top