12:01 / 18.09.2015
7200

Қаландар Абдураҳмоновга Россия давлат мукофоти топширилди

2015 йил 17 сентябрь куни Россия Федерациясининг Тошкентдаги элчихонаси ва Россия ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонасида Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори Қаландар Абдураҳмоновни Россия Федерациясининг давлат мукофоти — Дўстлик ордени билан тақдирлаш маросими ўтказилди.

Маросимда Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев Қаландар Абдураҳмоновга Россия Федерацияси билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши, савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланишидаги хизматлари учун Дўстлик орденини тақдим этиб, уни олий мукофот билан қутлади.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов “Меҳнат иқтисодиёти” йўналишида илмий мактаб яратган етакчи иқтисодчи олим ҳисобланади. Ушбу йирик мактабда профессор Қ.Х. Абдураҳмонов 12 нафар фан доктори, 18 нафар фан номзодига илмий раҳбарлик қилган.

Профессор Қ.Х. Абдураҳмонов ҳозирги кунда 307 дан ортиқ илмий ишлар эълон қилиб, шундан 9 таси дарслик ва ўқув қўлланма, 2 таси илмий монография ҳамда рисолалардир. Улар асосан меҳнат бозори ва аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат иқтисодиёти, меҳнатни илмий ташкил этиш ва меъёрлаш, Ўзбекистонда меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш, меҳнат социологияси, персонални бошқариш каби меҳнат иқтисодиётининг бошқа долзарб муаммоларига бағишланган.

Top