09:41 / 18.09.2015
2160

Қирғизистондаги парламент сайловларида 9 минг милиционер хавфсизликни таъминлайди

Қирғизистонда ўтказилувчи парламент сайловларида жамоат тартибини сақлаш учун қарийб 9 минг нафар милиция ходими сафарбар этилади. Бу ҳақда ТАСС республика ИИВ маълумотига асосланиб хабар бермоқда.

“Бизнинг ходимлар сайлов участкалари ва биометрик ускуналар ҳимоясини таъминлайди, – дея маълум қилинди вазирликда. – Шунингдек, Жойларга бюллетенларнинг етказилиши ва уларнинг сақланишини ҳам кузатиб боришади”. ИИВ вакилининг маълум қилишича, яқин кунларда мамлакатдаги барча 2,3 минг сайлов участкалари доимий қўриқлана бошланади.

ИИВ шахсий таркиби 1 октябрдан кучайтирилган тартибда ишлашни бошлайди. “Бундай тартиб энг камида 6 октябрга қадар давом этади”, – дея аниқлик киритилди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда парламент сайловлари 2015 йил 4 октябрда бўлиб ўтади. Айни пайтда парламентдаги депутатлик ўринлари учун 14 партия кураш олиб бормоқда.

Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, сайловларда амалдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг Социал-демократлар партияси, шунингдек, “Ата Мекен” социалистлари ва “Бир бол” партияси вакиллари етакчилик қилади.

Top