10:25 / 19.09.2015
3493

KOICA Ўзбекистонда таржимонлар тайёрлаш лойиҳасини молиялаштирди

Sputnik янгиликлар агентлигининг хабар беришича, KOICA ЎзДЖТУ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида профессионал таржимонларни тайёрлаш аудиториясини ишга туширди.

Очилиш маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ли Ук Ҳен, KOICAнинг Тошкентдаги идораси директори Им Жонг Ҳи ва ЎзДЖТУ ректори Шуҳрат Қаюмов иштирок этди.

Аудиториянинг замонавий янги қурилмалар билан жиҳозлангани олий таълим муассасаси ўқитувчиларига профессионал таржимонларни тайёрлашга кўмак беради.

“Глобаллашув шароитида рақобатбардошлик хорижий тилларни билишга боғлиқ. Профессионал таржимонлар тайёрлаш аудиторияси очилиши билан ёш кадрлар янада яхшироқ шароитда таълим оладилар”, – деди корейс элчиси.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлиги доирасида, шунингдек, ўқитувчилар ва талабаларни алмашиш дастури ҳам амалга оширилади.

2015 йилнинг июнь ойида KOICA иштирокида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ҳам профессионал таржимонларни компютер орқали синовдан ўтказиш ва уларни тайёрлаш маркази очилган эди.

ЎзДЖТУ ва ЖИДУда 2012 йилдаёқ бошланган ҳар икки лойиҳада профессионал таржимонларни тайёрлаш соҳасида ўқитишнинг тизимлаштирилган тузилмалари ва модернизациялаш ишлари олиб борилди. Мазкур мақсадлар учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги умумий миқёсда 1,3 млн доллар маблағ сарфлади.

Top