18:25 / 20.09.2015
4273

Bernama: Ўзбекистон АСЕАН давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Малайзиянинг Bernama давлат ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) мамлакатлари билан алоқасига бағишланган материални эълон қилди.

Унда қайд этилишича, АСЕАНга аъзо 10 давлатнинг умумий аҳолиси 600 млндан ортади ва ЯИМ ҳажми 2,4 трлн долларни ташкил этиб, ўзида дунё иқтисодиётининг асосий ва йирик бозорларини мужассам қилади.

Қайд этилишича, 2015 йилдан ташкилот раислигини қўлга киритувчи Малайзия Марказий Осиё давлатлари, айниқса минтақадаги ҳал қилувчи аҳамиятга эга Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда.

“2014 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Малайзи ўртасидаги савдо айланмаси 89 млн доллардан ошди. Жорий йилда эса мазкур кўрсаткич 100 млн долларни ташкил этиши кутилмоқда, – дея ёзади агентлик мухбири, малайзиялик таниқли журналист Набиллоҳ Солиҳ. – Айни пайтда 20дан зиёд Малайзия компаниялари Ўзбекистондаги нефт-газ сектори, мебел ишлаб чиқариш, электротехника соҳаси, молия тузилмаси ва бошқа кўплаб жабҳаларга маблағ киритган”.

Мақола якунида АСЕАН давлатлари ва Ўзбекистон барча соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш учун катта имкониятларга эга эканлиги қайд этилади.

Top