20:07 / 21.09.2015
3500

Аудиторлик ташкилотларида режали текширишлар ўтказиш даврийлиги ўзгартирилди

Ўзбекистонда кейинги йилларда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишни таъминлаш, улар фаолиятига аралашувларни янада чеклаш борасида тизимли ва кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 15 майда қабул қилинган ПФ-4725-сонли Фармонида микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан 4 йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан 3 йилда бир марта амалга оширилиши белгиланди.

Ушбу Фармон талаблари асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-391-сонли Қонуни билан бир қатор қонун ҳужжатлари қаторида «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасига ҳам тегишли ўзгартириш киритилди.

Жумладан, Қонуннинг ушбу моддаси олдинги таҳририда аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берувчи махсус ваколатли давлат органи, барча аудиторлик ташкилотларида лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларига аудиторлик ташкилоти томонидан риоя этилишини назорат қилиши ҳамда уч йилда кўпи билан бир марта мазкур масалалар юзасидан текширув ўтказиши белгиланган эди.

Эндиликда, ушбу моддага киритилган ўзгартиришга мувофиқ микрофирма ва кичик корхоналар жумласига кирувчи аудиторлик ташкилотларида текширув режали тартибда фақат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан тўрт йилда кўпи билан бир марта ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, қайд этилган Фармонда белгиланган меъёрларга асосан бошқа тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда аудиторлик ташкилотларида ҳам молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди.

"Мухтасар айтганда қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун янада кенгроқ имконият яратади", деб маълумот беради Давлат солиқ қўмитаси шўъба бошлиғи А. Бобомуродов.

Top