15:26 / 21.09.2015
2892

Буркина-Фасода исёнчи ҳарбийлар ҳокимиятни топширишга рози бўлди

Буркина-Фасода давлат тўнтаришини амалга оширган ҳарбийлар етакчиси Жильбер Дьендере мамлакатда референдум ўтказилиши ва қонуний ҳукумат тузилиши бўйича келишувга розилик билдирди. Бу ҳақда шу масала бўйича ўтказилган музокарада иштирок этган Сенегал президенти Маеи Салль маълум қилган.

Шу билан биргаликда, сайловлар ўтказилгунича мамлакатни Жильбер Дьендере бошқариб туради.

Ўз навбатида, бу музокаралар натижаси барчани ҳам қаноатлантирмаган. Буркина-Фасодаги Ҳуқуқ ҳимоячилари бу келишувни шармандали натижа сифатида қабул қилишган.

Бундан аввалроқ, музокаралар арафасида иштрокчилардан бири, Бенин президенти Томас Бони Йайи музокаралар сўнгида "яхши янгилик" бўлиши ҳақида айтганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта бошида Буркина-Фасонинг исёнчи ҳарбийлар томонидан гаровга олинган муваққат ҳукумати ва президент Мишель Кафандо 18 сентябрь куни озод қилинганди.

19 сентябрь куни эса ҳарбийлар ва давлат тўнтарилишига қарши томон тарафдорлари ўртасида тўқнашув содир бўлиб, камида 10 киши ҳалок бўлган, 100 нафар атрофидаги киши жароҳатланганди.

Top